Skip to content ↓

FAQ

Инглиз тилини билиш

Ўқишга кириш учун инглиз тилини қандай даражада билиш  етарли бўлади? 

UWC ҳаракати номзодларнинг она тили  ва бошқа тилларни билишидан қатъий назар, қай даражада ўқишга тўғри келишига қараб танлаб олади. Мазкур коллежларда таълим олиш фақат инглиз тилида олиб борилишига эътибор бериш лозим. Инглиз тилини билиш ёки билмаслик номзодларни танлаб олишда зарур омил саналмайди.

Инглиз тилини билишни расмий тест синовлари орқали тасдиқлаш лозимми? 

Номзод инглиз тилини билиш даражасини аниқлаш учун тест синовларидан  ўтиши керак эмас. Лекин сизнинг инглиз тилидаги билимингиз ўзингиз ҳақида гапириб беришга етарли даражада бўлиши керак.

Ўқишга киришга имконият берувчи, бирон бир тайёрлов курслари ташкил этиладими? 

Йўқ.  Энг муҳими сиз UWC тўплаган тажрибани қабул қилишингиз ва уни шахсий тажрибангиз билан бойитишингиз лозим.  Бу ўринда сиз шахсий қизиқиш, UWC таълимотини тушунишигиз ва унга бефарқ бўлмаслигингиз ҳамда инглиз тилидаги билимларингизни янада кўпайтиришга интилишингиз лозим бўлади.  Номзодларга ўқишга киришда қўйиладиган талабларга оид батафсил  маълумотни сиз ўқишга кириш тўғрисидаги қуйида келтириладиган савол-жавоблардан топишингиз мумкин. 

Агар мени ўқишга қабул қилмасалар, мен келаси йил ўқишга кириш учун ҳаракат қилишим мумкинми? 

Сиз келаси йил ўқишга кириш учун фақат бир марта ариза бериш имкониятига эгасиз. Бу ҳолатда, номзодларнинг ёшлари учун чекловлар борлигини унутманг.

Талабаларнинг ёшлари билан боғлиқ талаблар

Мен юқори синфда ўқийман, ёшим 18 да. 

Афсуски, сиз ариза топширолмайсиз. Агар сизнинг ёшингиз ўқиш бошланадиган давр - 1 сентябрь  ҳолатига кўра (яъни ариза беришдан кейинги йил) 16 ёки 17 ёшни ташкил этса,  сиз ариза бериш ҳуқуқига эга бўла оласиз.

Мен сентябрь ойининг ўртасида (октябрьда)  туғилганман. Ўқиш бошланган даврда менинг ёшим 16 га етмаган бўлади. Бу ҳолда мен ўқиш учун ариза бера оламанми ёки йўқми? 

Биз Сизга бу йил ариза беришни тавсия этмаймиз. Аниқроғи, сиз тўлиқ 16 ёшга тўлгунга қадар кутишингиз керак бўлади.

Мен август ойида туғилганман, ҳозир ёшим 17 да. Бу йил мен ариза бера оламанми ёки йўқми? 

Сиз қўйидаги uzbekistan@uwcnc.org манзилда жойлашган миллий қўмита билан боғланинг. Бунинг учун эркин ёзилган, асосли мактуб тайёрланг ва унда  ҳолатни батафсил баён этиб, нима учун ариза бериш ниятида эканингизни тушунтиринг.

Мен аниқ коллеж (жумладан, UWC Dilijan) даги коллежга ариза топширмоқчиман. Мен шундай қила оламанми? 

Йўқ. Сиз фақат танлов синовларида коллежлардан бири (жумладан, UWC Dilijan)да ўқишни танлашингиз мумкин. Лекин номзодларнинг у ёки бу коллежда ўқишини Танлаш қўмитаси ҳал қилади. Агар сизга коллежда ўқишга ўрин ажратилса, бу таклифни қабул қилиш ёки қилмаслик сизга боғлиқ. Агар таклифни рад қилсангиз, сизга бошқа коллежда ўқиш таклиф қилинмайди.

Ўқишга кириш учун номзодлар, аризасини алоҳида коллеж номига эмас, умуман UWCга топширишига эътибор беринг. UWCнинг барча коллежлари бир-бири билан чамбарчас боғлиқ бўлиб, улар бир хил вазифани бажаради ва  умумий қадриятларга риоя қилади. Коллежларни ҳар бири сизга таълимнинг бой тажрибаси ҳамда ўша ерга хос хусусиятларни инобатга олган ҳолда маданий муҳитда яшаш ва таълим олишни таклиф этади.

Мен коллежда ўқийман. “Танлаш талаблари” бобида, умумий таълим мактаблари ёки ўрта-махсус таълим муассасаларида  ўқийдиганлар ариза бера оладилар деб қайд этилган. Ёшим тўғри келса, мен ўқишга кириш учун ариза бера оламанми? 

Ҳа, албатта. Ариза бериш даврида сиз мактаб ёки коллежда ўқувчи бўлишингиз, аммо олийгоҳ талабаси бўлмаслигингиз лозим.  Ўзбекистонда коллежлар ўрта-махсус таълим муассасаларига тегишлидир.

Мен халқаро бакалавриат (IB Diploma) дастури асосида, UWCга тегишли бўлмаган коллежда таҳсил оламан. Мен UWC тизимидаги коллежларда ўқишга ариза бера олишим мумкинми? 

Албатта. Агар сиз кириш имтиҳонларидан муваффақиятли ўтсангиз, у ҳолда  бошидан бошлаб таълим оласиз.

Мен ўқишимни бошқа IB мактабининг иккинчи курсидан,  UWC коллежларидан бирига кўчира олишим мумкинми? 

Йўқ. UWC коллежларида ўқув икки йилга мўлжалланган университетга тайёрлов дастури асосида амалга оширилади. Шунинг учун ҳам ўқишни бошқа IB мактабининг иккинчи курсидан кўчириш кўзда тутилмаган.

Стипендиялар (грантлар) ва таълим

UWCда таълим олиш учун қандай тўловлар мавжуд? 

Коллежларда таълим тўлов миқдори ҳар хил. Бир йиллик таълим тўлов миқдори - 16 000 АҚШ долларидан 54 000 АҚШ долларигача. Таълим олиш учун тўловлар, одатда биринчи ва иккинчи ўқув йили бошланиши олдидан амалга оширилади. Ўқишга танловлардан муваффақиятли ўтган номзодларга уларнинг ҳужжатларида кўрсатилган эҳтиёжлардан келиб чиққан ҳолда стипендиялар (грантлар) тўланиши мумкин.

Таълим олиш учун грантлар бериладими? 

Албатта.  UWC коллежларидаги ўрин,  номзодларнинг фазилатлари  ва салоҳиятига кўра берилади. Танлов жараёни номзодлар ота-оналарининг молиявий аҳволи билан боғлиқ эмас. Шунинг учун ҳам, номзодлар UWCга ариза бериш жараёнида, масаланинг молиявий томонини ўйлаб, фикридан қайтмаслигига умид қиламиз. Танловлардан муваффақиятли ўтган номзодлар ҳамда стипендиялар (грантлар) олишга умиди борларнинг Ота-оналари/васийлари, ўз навбатида молиявий баҳолаш ҳақидаги анкетани тўлдириши ҳамда ота-оналарининг даромадларини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этиши лозим. Тақдим этилган ҳужжатлар асосида молиявий қўмита номзод учун керакли стипендия (грант) ҳажми тўғрисидаги қарорни қабул қилади. Тўланадиган стипендия (грант) ҳар бир оиланинг молиявий шароитига қараб, коллежда икки йил даврдаги ўқиш, яшаш ва овқатланиш учун тўловнинг 100 фоизигача ташкил қилиши мумкин.

Стипендия нималарни қоплайди? 

UWC тарафидан талабаларга тўланадиган стипендиялар таълим олиш жараёнини тўла қоплайди ҳамда яшаш, овқатланиш ва ўқув жиҳозлари харажатларига етади. Аксинча, тўланадиган стипендиялар йўл ҳақи, виза олиш учун сарфланадиган маблағлар ҳамда тиббий  суғуртани қоплай олмайди.  Бу каби харажатлар ҳамда чўнтак харажатлари номзоднинг ота-оналари/хомийлари томонидан қопланади. Молиявий сабаблардан келиб чиқиб, номзодлар UWCга ариза беришдан тўхтамайди, деган умиддамиз.

Стипендиялар ўқишга кирганларнинг коллеж  жойлашган манзилгача етиб олишлари учун самолетларга сотиб олинадиган чипталарни қоплайдими? 

Аксарият ҳолларда UWCнинг молиявий қўллаб-қувватлаши йўлкира ва чўнтак харажатларини қоплашни назарда тутмайди. UWCнинг баъзи колллежлари, номзодлар оилаларининг молиявий шароитидан келиб чиққан ҳолда,  бу масалага ижобий ёндашиб, номзодларга молиявий ёрдам кўрсатиш ҳақида қарор қабул қилишлари мумкин. Стипендия жамғармасининг маблағи чекланган. Шунинг учун ҳам стипендия (грант)  оиласида тўловлар (ёки тўловларнинг бир қисми)ни тўлашга молиявий имконияти бўлмаган номзодларга тўланади.

UWC тизимида таълим олиш учун тўланадиган грантларга маблағ қаердан олинади? 

Стипендиялар (таълим олиш учун грантлар) коллежлар ёки миллий қўмиталар томонидан берилади. Ҳар икки ташкилотда ҳам маблағлар хайрия (фандрайзинг) йўли орқали йиғилади. Шунингдек, маблағларни йиғишга UWCга ҳомийлик қиладиган инсонпарвар одамлар, хусусий компаниялар ҳамда тизим коллежларини битириб кетган ва UWC талабаларини қўллаб-қувватлаш истагида бўлганлар ҳисса қўшади.

Таълим олиш учун талабага тўланадиган грантлар қайси муддатга тўланади? 

Барча стипендиялар номзоднинг эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда тўланади. Стипендия (грантлар) миқдори молиявий қўмита томонидан номзод оиласи тақдим этган молиявий ҳужжат асосида ҳар бир талаба учун якка тартибда кўриб чиқилади. Стипендиялар фақат UWC коллежларида таълим олиш даври учун жорий этилади.

UWCнинг ёзги дастурларида иштирок этиш учун стипендиялар (грантлар) тўланадими? 

Афсуски, йўқ тўланмайди.  Сиз бу ҳақда ёзги дастурларни уюштирувчи  ташкилотчилардан билиб олишингиз мумкин.

ТАЪЛИМ ДАСТУРИ

Мен нимани ўрганаман? 

UWCнинг барча коллежларида икки йилга мўлжалланган университетга кириш олдидан бериладиган ягона дастур асосида таълим беради. Таълим 16-19 ёшли талабалар учун белгиланган Халқаро бакалавриат дастури (International Baccalaureate (IB) Diploma programme) асосида инглиз тилида олиб борилади. Таълим дастури ҳақидаги тўлиқ маълумотни сиз шу жойда топишингиз мумкин.

Мен UWCда фақат бир йил ўқишим мумкинми? 

Йўқ. Бунга йўл қўйилмайди. Чунки UWCнинг барча талабалари икки йиллик курсни ўтишлари лозим. UWCда бир йиллик ўқишга рухсат берилмайди.

Ёзги таътил даврида менинг ўз уйимга бориб келишимга имконият бўладими? 

Ҳа, албата, имконият бўлади. Аксарият талабалар ёзги ва қишги таътил даврларида уйига бориб келадилар.  Агар талабанинг таътил даврида уйига бориб келишга имконияти бўлмаса, у ҳолда коллеж маъмурияти таътилни мактабда ёки бирон бир оилада ўтказишга ёрдам беради. Буни сиз коллежга ўқишга қабул қилинганингиздан кейин амалга оширишингиз лозим бўлади.

UWCда таълим олиш даврида мен қаерда яшайман? 

UWCнинг барча коллежлари – бу мактаб-пансионатлар шаклидаги ташкилотлар бўлиб, барча талабалар кампусда ўқийди ва шу жойда яшайди. UWCнинг мактаб ва коллежлари ҳақидаги тўлиқ маълумотни сиз шу жойда топишингиз мумкин.

Ҳар бир коллежда 50-90 мамлакатдан келган талабалар ўқийди ва яшайди. UWCда таълим олиш моделида тажриба орқали ўқишга урғу берилади. Cинфлардаги машғулот – мазкур тажрибанинг бир кўринишидир. Бундан ташқари, талабларнинг бир-бирлари билан мулоқотда бўлиши ва пансионатларда биргаликда яшаши ҳам тажрибанинг шаккланишига ҳисса қўшади. Турли миллатлар ва маданиятларга мансуб одамлар бир ошхонада нонушта қиладилар, кундузги ва кечки таомлар ейдилар, умумий меҳмонхонада дам оладилар ва шу йўл билан бир-бирларини яқиндан билиш имкониятига эга бўладилар ҳамда халқаро тажриба билан танишадилар.   Бу тажриба уларда бегона одамларни яқиндан қабул қилиш ва ҳис этиш борасида чуқур ўзгариш ҳосил қилади. Ётоқхоналарда биргаликда яшаш болаларда биз бир хил эмаслигимиз ҳақида тушунча ҳосил қилади, шу йўл билан ҳаётда муҳим бўлган яшаш, ҳамма одамлар бир-бирларига ўхшамаслиги хусусида малака ва кўнимакларни пайдо қилишга ёрдам беради.  Ўқитувчилар ҳам кампусларда яшайдилар. Бу эса, талабаларга доимий равишда улардан ёрдам сўраш ва психологик кўмак олишга имкон беради.

МҲД давлатларидаги олий таълим муассасаларида Халқаро бакалавриат (IB) дипломи тан олинадими? 

Халқаро бакалавриат (IB) дипломи дунёнинг аксарият давлатларида тан олинади. Агар номзод хорижий давлатлардан биронтасида ўқиш истагида бўлса, у олдиндан, яъни ўқишга ариза беришдан аввал,  ўз мамлакатида  Халқаро бакалавриат (IB) дипломи тан олинадими ёки йўқми, деган саволнинг жавобини билиб олиши керак. Бу масала ижобий ҳал бўлгандан кейин у UWCда таълим олиш учун ариза бериши лозим. Коллеж эса, у ёки бу давлатда Халқаро бакалавриат (IB) дипломи тан олиниши ёки тан олинмаслигига масъул эмас. Бу ҳақдаги маълумотларни сиз Халқаро бакалавриат ташкилоти сайтида ёхуд университетларнинг сайтларидан олишингиз мумкин.

Халқаро бакалавриат (IB) дипломи Ўзбекистондаги  олий таълим муассасалари томонидан тан олинадими? 

Халқаро бакалавриат (IB) дипломини Ўзбекистоннинг ҳамма университетлари  тан олмаслиги мумкин. Агар номзод муайян бир олий таълим муассасасида ўқиш ниятида бўлса, у ҳолда у  олдиндан  Халқаро бакалавриат (IB) дипломини тан олиш ёки олинмаслиги ҳақидаги масалани ўрганиб чиқиши лозим. Бу ҳақдаги маълумотлар билан Халқаро бакалавриат ташкилоти сайтида ёхуд университетларнинг сайтларида танишиш мумкин.

Агар мен коллежга қабул қилинсам, қандай қилиб виза олишим мумкин? 

Агар сиз UWCга қабул қилинган бўлсангиз, у ҳолда коллеж маъмурияти сиз билан боғланади ва  виза олиш масаласида ёрдам беради. Диққат қилинг: виза олиш учун ҳужжат топшириш ва барча ҳужжатларни тақдим этиш номзод оиласи зиммасида бўлади. UWC Ўзбекистон  визага ариза беришда бевосита ёрдам беролмайди.

Ариза тўлдириш ва ўқишга кириш тартиби

Ўқишга кириш учун қайси тарзда ариза юбориш керак? 

Танловнинг биринчи босқичида иштирок этиш учун сиз интернетдаги “Ўқишга қандай кириш керак/Ўқишга киришнинг муддати ва тартиби” деган  бобдаги ишорага кириб, анкета тўлдиришингиз мумкин. Анкета тўлдириш ҳақидаги батафсил маълумот билан “Онлайн-анкета қандай тўлдирилади” деган бобга кириб, танишишингиз мумкин.

Номзодга бериладиган тавсифнома қандай тарзда тақдим этилади? 

Тавсифнома тавсифнома берувчи шахс томонидан электрон шаклда тўлдирилади. Бунинг учун сайтдаги вазифалар рўйхати (Task) даги шахсий кабинетингиздан Section С/Section Dни танлаб, сизга тавсифнома берувчи шахснинг исми, фамилияси ва электрон манзилини  кўрсатиб, анкетани тўлдиринг. Анкетани тўлдириб бўлгандан кейин Submit (“Жўнатинг”) деган тугмачани босинг. Шу электрон манзилга бир неча дақиқадан сўнг мазкур иловани ўз ичига олган  хабар жўнатилади. Шу иловага кириб, паролни киритиб, сизга тавсифнома берадиган шахс анкетани тўлдириш учун С/D бобларига кириш имкониятига эга бўлади.

Мен бошқа давлат/бошқа минтақада жойлашган UWCга ўқишга кирмоқчиман. Бунинг учун мен Ўзбекистндаги UWCнинг Танлов кўмитаси орқали ариза бера оламанми?  

Ҳа, албатта. Сиз агар Танлов талабларига жавоб бера олсангиз ариза топширишингиз мумкин. Ариза бериш даврида сиз ўзингиз танлаган UWСнинг коллежини кўрсатиб ўтишингиз мумкин. Лекин, Танлов қўмитаси сизга айнан шу коллежга ўқишга қабул қилинишингиз учун кафолат беролмайди.

Инглиз тилини билишни ҳужжат билан тасдиқлаш керакми? 

Йўқ.

Мен, 10 синфда ўқийман, имтиҳонларни эса 9 синфда топширганман. Бу ҳолда мен, қайси давр учун ўзлаштириш ведомостидан кўчирма нусхани тақдим этишим керак? Қайси тилда? 

Сизнинг баҳоларингиз ҳақидаги маълумот охирги ўқув йилидан олиниши керак. Ҳужжатларни ўзбек, рус ёки инглиз тилида тақдим этиш мумкин.

Коллежларга ўқишга кириш учун ҳужжат топширишда шахсан иштирок этиш лозимми?  

Йўқ. Ариза электрон шаклида берилади. Шахсий иштирок фақат Танловнинг охирги босқичида керак бўлади.

Аризаларни қабул қилиш қачон бошланади? 

Одатда, аризаларни қабул қилиш сентябрь ойида бошланади. Интернет орқали  “Ўқишга кириш муддати ва тартиби” бобига кириб, бу ҳақда батафсил маълумот олиш мумкин. Қабул қилиш муддатидан кеч қолмаслик учун,  сиз ўзингиз ҳақингиздаги маълумотни шу жойда қайд этишингиз мумкин.

Ҳарбий хизмат

Ўзбекистондаги ўсмирлар UWС коллеж ва мактабларида ўқиётган даврларида ҳарбий хизматдан чекланиш олишлари мумкинми? 

UWС коллеж ва мактабларига қабул қилинган талабалар, ўқишга кирганликлари ҳақида расмий мактуб олишлари мумкин. Бу мактубда талабанинг  Халқаро бакалавриат (IB Diploma Programme) дастурининг икки йиллик курсига ўқишга кирганлиги тасдиқловчи маълумот акс эттирилиши лозим. Ҳужжатларни ўзбек ёки рус тилига таржима қилиб, нотариус орқали тасдиқлаб (бошқа талаб этиладиган ҳужжатларни яшаш жойдаги ҳарбий комиссариатдан аниқлаб),  кўриб чиқиш учун ҳарбий комиссариатга тақдим этилади. Мурожаатда икки йиллик ўқиш давомида талабага мажбурий ҳарбий хизматга чақиришга чеклов бериш сўралади.

Ўзбекистоннинг миллий қўмитаси, UWС коллеж ва мактаблари талабаларига муддатли ҳарбий хизматдан вақтинча озод этиш ҳақида кафолат беролмайди.

UWСни битирган талаба грант асосида университетга ўқишга кирса, мажбурий ҳарбий хизмати тугагунча ўқишни кейироқ муддатга ўтказиши ёки  ўқиш тугагунча ҳарбий хизматдан вақтинча озод этиб турилиши мумкинми? 

Бу ҳақдаги маълумотни, талабалар грант асосида ўқишга кирган университетлардан билиб олиши керак бўлади.  Аксарият ҳолларда грант билан ўқишга кирган талабалар ўқишни қолдиролмайдилар. Чунки грант фақат бир йил давомида амал қилади.  Бу ҳолда ҳарбий хизмат муддати тугагандан кейин ёки ҳарбий хизматдан имтиёз олгандан сўнг ариза бериш мумкин.